Студопедия
Случайная страница | ТОМ-1 | ТОМ-2 | ТОМ-3
АрхитектураБиологияГеографияДругоеИностранные языки
ИнформатикаИсторияКультураЛитератураМатематика
МедицинаМеханикаОбразованиеОхрана трудаПедагогика
ПолитикаПравоПрограммированиеПсихологияРелигия
СоциологияСпортСтроительствоФизикаФилософия
ФинансыХимияЭкологияЭкономикаЭлектроника

Ота-она ва фарзанд

Ота-она – бизни ҳеч бир шартсиз суя оладиган яқинларимиз. Ота-онанинг фарзандига бўлган севгиси ҳеч қандай ташқи ҳолатларга боғлиқ бўлмайди. Фарзанд – хоҳ у безори, хоҳ юксак фазилат эгаси бўлсин – ота-она учун бирдек суюкли. Ўғрининг онаси ҳам боласини имомнинг онаси боласини суйганчалик суяди. Даҳрийнинг отаси ҳам боласини мўминнинг отаси фарзандини суйгандан кам севмайди.

Аммо кўпинча фарзанд, баъзида эса ота-она хатоси ортидан ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар чигаллашади. Афсуски, ҳамма ота-оналар ҳам ўз болаларига тўғри тарбия бера олмайдилар ва ҳамма фарзандлар ҳам ўз фарзандлик бурчларини бажара олмайди.

Ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар соғлом бўлишида ота-онанинг роли каттароқ. Улар чақалоқлигимиздан бизга дунё ва унинг таркибий бўлаклари ҳақида тушунча бериб борадилар, у ёки бу ҳолатга қандай муносабатда бўлишни ўргатадилар.

Айнан дунё ҳақида тушунча шаклланаётган ёшда ота-онадан фарзандига нисбатан зийракроқ муносабатда бўлиш талаб этилади. Боланинг тушунчалари шаклланишини назорат қилиш ва бу жараённи тўғри ўзанга солиб туриш боланинг кейинги ҳаётини кўп жиҳатдан белгилаб беради.

Кучли шахсиятни тарбиялашнинг биринчи навбатдаги шарти – болага шартсиз меҳр беришдир. Яъни болангиз билан шартсиз муносабатга киришиш. Аммо кўпчилик бола тарбиясида тобелик муносабати йўлидан боришни афзал кўради. Улар бола тарбиясида ман этишлар, куч ишлатиш ёки ўз сўзини ўтказиш каби усуллардан фойдаланади.

Фарзанд тарбиясида тобелик муносабати ўрнатиш бир қатор салбий оқибатларга олиб келади. Аввало, фарзандда ота-онаси меҳрини қозониш учун бирор талабни бажариши, бирор ишни қилиши кераклиги ҳақида тушунча пайдо бўлади. У шу шартларни бажармаса, ота-онасининг меҳрига арзимайдиган одам эканига ишониб қолади. Бу нуқсонлилик комплексини келтириб чиқаради.

“Фалон ишни қилсанг, мен сени яхши кўрмай қўяман” каби тарбия усуллари жуда хавфли. Бунда Фарзанд ота-онасидан шартли меҳр олиб ўрганади ва кейинчалик ўзи ҳам бировни шартсиз яхши кўра олмайдиган бўлиб қолади. Ёшлигида ота-онасидан шартсиз меҳр кўрмаган одам ўз оиласи ва фарзандларига ҳам шартли меҳр кўрсатиши ана шундан. Ахир, қуш уясида кўрганини қилади.

Фарзандингизни у ёки бу нарсага йўналтиришга ҳаракат қилманг. Тўғри, сиз замонга қараб фарзандингиз учун энг маъқул касбни танлашга уринасиз. Аммо сизнинг мажбурлашингиз билан ўрганилган соҳада у ҳеч бир муваффақиятга эришмаслиги мумкин. Болага ёшлигидан ўзи қизиққан нарсаларини қилишига имкон бериш керак. Ёш бола ақли ҳали у ёки бу машғулот ортидан келадиган манфаатни билмайди – шунинг учун кўнгли тортган ишни қилади. Ана шу қизиқишини ривожлантирса, улғайиб ўз касбининг устаси бўлади ва замон қандай бўлмасин, ўз касбидан ҳам моддий наф, ҳам маънавий завқ олиб яшайди.

Мен мактабни тамомлаш арафасида турган жуда кўп ўсмирлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг аксарияти ҳаётдан нима исташини, қайси касб эгаси бўлишга астойдил қизиқаётганини билмайди. Бунга сабаб ёшликда уларни ота-оналари улар аслида қизиққан нарсадан чалғитиб, бошқа соҳага буриб юборишганидир. Улар ота-оналари айтган соҳани ўрганиб, ўзлари қалбан нимани исташларини унутиб қўйишган.

Ўз келажак касбини аниқ билган ёшлардан “Нега айнан шу касбни танладингиз?” деб сўраганимда, кўпчиликдан “Чунки бу жуда даромадли касб”, “Чунки бу соҳада иш топиш осон”, “Чунки отам (ёки онам) шу касб эгаси” каби жавоб олдим. Афсуски, улардан жуда камчилиги бу саволга “Чунки мен шу касбни севаман ва келажакдаги ўзимни шу касб эгаси сифатида тасаввур қиляпман” деган жавоб берди.

Фарзанд тарбиясида тобелик муносабати ўрнатилишининг яна бир белгиси – ота-онанинг фарзанди учун қарор қабул қилиши. “Сен фалон жойда ўқийсан ва фалон касб эгаси бўласан”, “Сен ҳеч қаерда ўқимайсан ва менга бизнесимда ёрдамлашасан”, “Сен фалончига турмушга чиқасан (уйланасан)”, “Сен мен айтганимни қиласан” каби буйруқлар бунга мисол. Бундай усулда тарбия кўрган фарзанд мустақил қарор қабул қила олмайдиган ва ўз ҳаётини бошқалар қўлига топшириб қўядиган кучсиз шахсият эгаси бўлиб улғаяди. Бундай одамлар одатда ота-оналаридан алоҳида яшашга қийналади.

Фарзандингизга алоқадор ҳар қандай қарор қабул қилинишида фарзандингиз иштирокини таъминланг. Майли, сиз у танлаётган йўлни маъқулламассиз ва ўз билганингизча иш тутмоқчидирсиз. Аммо буни мажбурлаш йўли билан эмас, танлов бериш йўли билан қилинг. Фарзаднингиз унинг ҳам хоҳиш-истаклари инобатга олинаётганини ва унинг шахсиятига ҳурмат кўрсатилаётганини билсин.

Навбатдаги сирни эшитиш баъзи ота-оналарга ёқмаслиги мумкин. Аммо одилона ўйлаб кўрилса, бунинг исботи кўп. Ота-оналар болаларига тазйиқ ўтказишларига бир сабаб – улар ўзларини кечира олмасликларидир. Улар ёшликда ўзлари йўл қўйган хатолар учун ўзларини кечира оломайдилар ва фарзандлари худди ўша хатоларга йўл қўйишларининг олдини олишга зўр бериб ҳаракат қиладилар. Бу ўз-ўзини кечира олмай, айбдорлик туйғуси билан яшашнинг яна бир салбий оқибати. Шундай экан, ўз хатоларингиз сояси фарзандингиз фаровонлигига тушишига йўл қўйманг. Унга ҳам хато қилишга имкон беринг. Ахир, сизнинг тажрибали ота-она бўлишингизга ҳам айнан ўша хатолар хизмат қилган.

Фарзанднинг ота-онага бўлган муносабати ҳақида гапирмайман – бу ҳақида шундоқ ҳам жуда кўп гап айтилган. Аммо бир нарса барчамизнинг ёдимизда бўлиши зарур – ота-она бизга энг катта ва беғубор меҳр бера оладиган дунёдаги ягона одамлар. Ҳеч ким (ҳатто ўзимиз ҳам) бизни ота-онамизчалик сева олмайди. Шу ҳақиқатнинг ўзи ота-онага қандай муносабатда бўлиш жоизлиги ҳақида кўп нарсани айтади.


Дата добавления: 2015-12-01; просмотров: 234 | Нарушение авторских прав



mybiblioteka.su - 2015-2024 год. (0.007 сек.)