Студопедия
Случайная страница | ТОМ-1 | ТОМ-2 | ТОМ-3
АрхитектураБиологияГеографияДругоеИностранные языки
ИнформатикаИсторияКультураЛитератураМатематика
МедицинаМеханикаОбразованиеОхрана трудаПедагогика
ПолитикаПравоПрограммированиеПсихологияРелигия
СоциологияСпортСтроительствоФизикаФилософия
ФинансыХимияЭкологияЭкономикаЭлектроника

Ташқи кўриниш: мода

Читайте также:
  1. Ташқи кўриниш: ҳусн

Ташқи кўринишимиздаги нуқсонлар – энг катта бош оғриғимиз. Биз ҳар доим чиройли юз, келишган қадди-қомат, сўнгги модадаги кийим эгаси бўлишга интиламиз. Бундай тобеликка аёллар ҳам, эркаклар ҳам бир хилда мойил – аёллар ўз ташқи кўриниши ҳақида эркаклардан кўпроқ қайғуради деган фикр асоссиз. Шунчаки, аёллар ўз ташқи кўринишлари ҳақидаги ташвишларини ошкора қила оладилар – эркаклар эса бунда анча чекланган. АҚСҲдаги сўровномалар шуни кўрсатганки, кийим-кечак, гигиеник воситалар, пардоз ва соч турмаги хизматларига эркаклар аёллардан кўра кўпроқ пул сарфлашар экан.

Ҳар биримиз ташқи кўринишда қандайдир андозага тушишга ҳаракат қиламиз. Бу андозалар вақти-вақти билан ўзгариб туради ва улар бизнинг жуда кўп қарорларимизга таъсир қилади. Бу – албатта, мода. Ҳозирги кунда ҳамма нарсага мода қўйилган: кийим-кечакдан тортиб, шеъвагача. Одамлар модадаги овқатларни ейишади, модадаги хизматлардан фойдаланишади, мода бўлган супермаркетларда савдо қилишади, модадаги сўзларни ишлатиб гаплашишади – ҳатто, мода бўлган усулда севишади. Ҳайронмисиз? Уяли алоқа воситаси ёки интернет орқали севишиш қанчалик кенг тарқалганига эътибор беринг – ўзингиз бунга амин бўласиз.

Аммо мода ҳаммасидан ҳам ташқи кўринишимиз қандай бўлишига кўпроқ таъсир қилади. Бунда қандайдир қоидалар ўрнатилиши ва у оммавий қабул қилиниши инсоннинг имкониятларини чеклайди ва комплексларга сабаб бўлади.

Камдан кам қиз 90:60:90 қоидасидан бехабар бўлса керак. Бу қоидани кучли жинс вакиллари ҳам жуда яхши билишади. Аммо ҳамма гулрухсорлар ҳам бу андозага тўғри келмайдилар. Бунинг натижасида қизларда ўз қоматидан қониқмаслик туйғуси пайдо бўлади. Агар бундай ҳолатга дуч келган қизнинг маънавий иммунитети кучсиз бўлса, у ўзини турли хил диеталарга уради ва силласи қуригудай бўлиб оч юради.

Мода ортидан қувиб жабр кўришда йигитлар ҳам қизлардан кам эмас. Модадаги кийимни кийиш илинжида топган пулини кийим дўконларида сарфлайдиган йигитларни кўп учратамиз. Уларнинг кийим жавонлари тўлиб кетган – аммо комплекс уларни янги ва янги кийим сотиб олишга ундайверади.

Агар одам мода комплекси таъсирига тушиб қолиб, бу тобеликдан қутула олмаса – у ўзига жисмоний ва моддий зарар етказиши мумкин. Баъзида модадаги кийим ўзига мутлақо ярашмаса ҳам, ундан воз кечишга ҳадди сиғмайдиган одамларни учратасиз. Улар мода комплексига сўзсиз итоат этадилар ва бу тобеликдан халос бўлишга ҳаракат ҳам қилмайдилар.

Аввало, умум қабул қилинган андозаларга амал қилиш нотўғри. Ўзингиз ўйлаб кўринг – дунёда ҳамма одам бир хил бўлиши мумкин эмас. Ҳамма учун умумий ўлчовлар ўрнатиш кимга керак – биласизми? Сизга навбатдаги сирни очайми? “Тўғри” қадди-қомат қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги уйдирмаларни кийим ишлаб чиқарувчи саноат подшоҳлари ўйлаб топади. Чунки улар мутлақо ҳаммага мос келадиган кийим тика олмайдилар – шунинг учун ҳаммани улар чиқарган маҳсулотга мос қоматга эга бўлишига даъват қиладилар. Акс ҳолда уларнинг маҳсулотларини жуда кам одам сотиб олади ва улар касодга учрайдилар.

Шундай экан, қоматингизни кимлардир белгилаб берган андозаларга “мослаб” олишга ҳаракат қилманг. Бу сизга зинҳор керак эмас. Бусиз ҳам хотиржам бахтли бўлишингиз мумкин. Ахир, бахтингиз қоматингизга боғлиқ эмас.

Ашаддий модапарастлар ҳозир “Модага қараб кийинишнинг нимаси ёмон?” деб дод солаётганини тасаввур қилиб турибман. Бунинг ёмон жойи йўқ. Фақат ўша модани қаердан олаётганингизга эътибор беринг. Модани ким яратади деб ўйлайсиз? Наҳотки, одамлар дидини машҳур дизайнерлар белгилаб беради деб ишонсангиз? Мана сизга яна бир олий сир: модани ўзига ёққан ва ярашган кийимни киювчилар яратади – мода саноати эса улардан нусха олиб, кенг оммага олиб чиқади, холос.

Модани сиз яратасиз. Агар сиз ўз дидингиз ва кўнглингизга қулоқ солиб кийим танласангиз, у сизга албатта ярашади, бу либосда ўзингизни яхши ҳис қиласиз. Бу ҳатто энг арзон матох бўлиши мумкин – аммо у айнан сиз учун яратилган бўлса ва сиз уни тўғри танлаган бўлсангиз – атрофдагилар сизга ўгирилиб қарайди. Кийим сизнинг устингизда қандай мос турганини, ҳар қандай нуқсондан ҳоли эканини кўриб, улар худди шу кийимдан ўзларига ҳам олгани дўконга югуриб қолишади. Ахир, сиз ҳеч бировнинг устида чиройли турган кийимдан бозорда қидирмаганмисиз?

Кийим, сўзсиз, сизнинг чиройингизни очадиган нарса. Аммо у модага қараб эмас, сизнинг асл хоҳишингиз ва талабларингизга қараб танлансагина, сизнинг чиройингизни очади. Тўлача одам нозик қомат эгаларини кўзлаб тикилган кийимни модага қараб танласа ёки қишнинг изғиринида модага қараб енгил кийинилса – бундай моданинг сизга фойдаси борми?

Сиз кийган либос – сизга ёқсин, оммага эмас. Сиз кийган кийим сизга қулай бўлиши ва сизни иссиқ ёки салқин тутиши керак – модага мос келиши керак эмас. Сизнинг модангизни фақатгина сиз яратасиз. Ўз модасини ярата олмаганлар эса – сиздан андоза оладилар. Кийим танлашни кўнглингизга қўйиб беринг. У ҳеч қачон адашмайди.


Дата добавления: 2015-12-01; просмотров: 200 | Нарушение авторских прав



mybiblioteka.su - 2015-2024 год. (0.007 сек.)