Студопедия
Случайная страница | ТОМ-1 | ТОМ-2 | ТОМ-3
АрхитектураБиологияГеографияДругоеИностранные языки
ИнформатикаИсторияКультураЛитератураМатематика
МедицинаМеханикаОбразованиеОхрана трудаПедагогика
ПолитикаПравоПрограммированиеПсихологияРелигия
СоциологияСпортСтроительствоФизикаФилософия
ФинансыХимияЭкологияЭкономикаЭлектроника

Аҳд кучи

Одамзот ҳар доим нимагадир интилиб яшаш илинжи билан яратилган. Биз мудом нималарнидир орзу қиламиз, нималарнидир кўзлаб, уларга эришиш учун ҳаракат қиламиз.

Истакларимизни биз уларга берадиган аҳамиятга қараб таснифласа бўлади.

Энг кучсиз ва ҳавойи истак – бу орзу. У шунчалар енгилки, у бизда фақат ёқимли ҳислар уйғотади – ахир, ҳаммамиз орзуларга берилишни жуда ёқтирамиз. Бизни бу орзулар ушалмай қолиши мумкинлиги, ёки бунинг, умуман, иложи бор-йўқлиги ташвишга солмайди. Биз шунчаки орзу қилаверамиз. Биз аввал бошдан бу нарса реал ҳаётда амалга ошиши имконсиз ёки жуда қийин эканига кўнамиз – шу боис ҳам орзуларга ҳадиксиз ўзимизни топшираверамиз.

Умид – орзудан кўра бир оз вазминроқ. Энди биз истаган нарсамиз ҳаётда рўй бериши мумкинлиги эҳтимолини юқорироқ қўямиз. Биз бунда бир нарсани кутамиз – бунда энди истак беғам орзу қилиш эмас, унга ҳис туйғулар ҳам аралашади. Шу ерда истак амалга ошмай қолиш ҳадиги ҳам пайдо бўлади. Умидларингиз оқланмай қолганда хафа бўлганингизни эсланг – мен нимани назарда тутаётган эканимни дарҳол англаб оласиз.

Интилиш ёки кучли хоҳиш-истак – янада юқорироқ ва моддийроқ. Бунда сиз энди бир нарсани жуда хоҳлайсиз ва бу истагингизни ўз туйғуларингиз билан тўйинтирасиз. Сиз хаёлан бу истагингизга эришиш йўлларини қидирасиз, режалар тузасиз, тахминлар қиласиз – хуллас, катта ментал-емотсионал иш олиб борасиз.

Истакнинг бу уч кўриниши жуда кўп жиҳатларда бир-биридан фарқ қилади. Аммо энг асосий фарқ – бу истакларга ҳамроҳ бўлган ишонч даражаси ва амалий саъй-ҳаракатдадир. Орзу қилганда сиз у рўёбга чиқишига ишонмайсиз ёки ишонч жуда кучсиз бўлади. Шу боис ҳам орзуга эришишга амалий интилиш бўлмайди. Умид бор жойда эса ишонч энди кучлироқ ва сиз бунда истакка эришиш учун қандайдир тадбирларни қўллашга уринасиз. Кучли истакда эса сиз истаган нарсангизга эришиш мумкинлигига астойдил ишонасиз ва уринишларингиз ҳам шунга яраша бўлади.

Аммо, афсуски, биз қанчалик кучли ишонмайлик энг катта истакларимиз рўёбга чиқмай қолиши мумкин. Биласизми, бунда гап нимада? Истакка эришишда, албатта, ишончнинг роли бор. Аммо биз кўпинча истакка етиштиргувчи нарса бу кучли ишончнинг ўзи деб хато қиламиз. Ўша кучли ишончга аниқ ва дадил хатти-ҳаракатлар эргашиб келсагина истагингиз сўзсиз амалга ошиши мумкин.

Дарахт тагида ўтириб сиз унинг энг ғарқ пишган меваси шохдан узилиб тўғри қўлингизга келиб тушишига қирқ йил кучли ишонманг – бу нарса амалга ошиши қийин. Сиз ўша мева сизга насиб этишига ишонинг ва дарахтни силкитинг – шунда ростдан ҳам энг пишган мева олдингизга тушади.

Аммо одамлар ихтиёрида бир қурол борки, у ишга тушса истак амалга ошмай қолмайди. Бунда истакка эришишга бўлган ишонч шубҳалардан тозаланиб билимга айланади. Агар сиз бирор нимага бешубҳа ишонсангиз – буни биласиз демак. Ахир, осмонга отган коптогингиз ерга қайтиб тушишини биласиз – бунга ишонишингиз шарт эмас. Эрталаб дўконга чиқиб нон олиб келишни орзу қилсангиз, бунга умид қилсангиз ёки буни кучли истасангиз жуда кулгили ҳолат бўларди, шундай эмасми – бу истак шу даражада оддийки, сиз бунда ҳаммаси сиз ўйлагандек бўлишини биласиз.

Шубҳасиз билимга асосланган истак – аҳддир. Аҳд қилинган нарса ҳар доим амалга ошади. Биз қилаётган ҳамма ниятлар ҳам аҳд тоифасига кирмайди. Буни англаб етиш учун, аҳднинг қандай шаклланишини кўриб чиқайлик.

Бизнинг ичимизда ҳаётимизни бошқариш учун тузилган парламент бор. Бу, албатта, қалб. У ниманидир истаб, орзу қилади – яъни янги қонун лойиҳасини муҳокамага қўяди. Бу лойиҳа ақл билан бирга муҳокама қилинади. Агар ақл бунинг иложи борлигини тан олса ва розилик берса – лойиҳа қонун сифатида қабул қилинади. Яъни одам бирор ишни қилишга аҳд қилади.

Аммо бу жараённинг энг қийин томони – ақлни кўндириш. У аниқ исботлар келтирилмагунча айтилган иш қилса бўладиган юмуш эканини тан олмайди. Жуда кўп ниятларимиз ҳали аҳд бўлиб улгурмай, лойиҳалигидаёқ ақлимиз томонидан муҳокамадан олиб ташланади – ва орзулигича қолиб кетади. Армонлар – сизга орзуларга эришиш насиб қилмаганидан эмас, бунга ўзингиз имкон бермаганингиздан мавжуд.

Агар орзунинг омади чопиб, қонун деб қабул қилинса ва аҳдга айланса – ижро этувчи ҳокимият бўлган ақл уни дарҳол тадбиқ қила бошлайди. Лекин шунда ҳам у баъзида чалғиб қолади – иш жараёнида унда янги гумонлар пайдо бўлади, у аҳдга (яъни қонунга) ўзгартиришлар киритишга ҳаракат қилади. Бу аҳд кучини кесади ва одам ниятидан чалғиб кетади.

Бунинг олдини олиш учун, қонун чиқариш ҳокимиятини қалбга бериб – ижро этишни ақлга ташлаш керак. Ижронинг айтилган аҳд бўйича боришини назорат қилиш ҳам лозим. Агар аҳдингизга шубҳаларни яқин келтирмасангиз – у сиз иложсиз деб ўйлаган нарсаларни ҳам рўёбга чиқаришга қодир. Чунки аҳднинг бир сири бор: аҳд қонун қилиб ўрнатилганда дунё ҳам бу аҳдни қабул қилади ва унга эришишингиз учун шароит ярата бошлайди. Бошқача қилиб айтганда, ниятингиз аҳдга айланиши билан, унга фаришталар омин дейди.

Агар дарахт тагида ўтириб, энг пишган мева шохдан узилиб, тўғри сизнинг қўлингизга келиб тушишига бўлган ишончингизни шубҳалардан тозалаб, уни соф билим даражасига келтириш, бу ниятни аҳдга айлантириш қўлингиздан келса – шамол айнан энг пишган мевани шохдан узади, ер тортиш кучи уни пастга улоқторади, у йўлда бошқа шохга урилиб йўналишини шундай ўзгартирадики, айнан сизнинг қўлингизга келиб тушади. Нима – бунга ишониш қийинми? Ишонмайсизми? Унда бу каби мўжиза сиз учун дахлсиз бўлиб қолаверади. Ахир, бир нарсага мутлақо ишонмаса – бу нарса сизнинг ҳаётингизда мавжуд бўлмайди.

Бу каби мўжизага ишониш учун одам очиқ фикрли бўлиши лозим. “Мен ҳамма нарсани биламан ва ҳаётда нима бўлиши мумкин-у, нима имконсиз эканини фарқлашга ақлим етади” дегувчилар ўз ҳаётлари ҳудудини ҳозирги тушунча ва тамойиллари билан чеклаб олишган. Бундай одам худди мен аввал сизга эртакда таърифлаган, дунёдан ўзини баланд деворлар билан ўраб олган шаҳарга ўхшайди – бу шаҳарнинг ҳеч ким билан олди-бердиси йўқ. Аммо агар сиз ўз шаҳрингиз дарвозаларини очиб қўйсангиз – ҳаётингизга мўжиза кириб келади ва сиз жуда кўп нарсаларга ишонган одамдан кўп нарсаларни билган одамга, мўжизани орзу қилган одамдан мўжизани одат қилган одамга айланасиз.

Аввалги бобда таърифлаганим шахсий кучингиз қанча кўп бўлса, ниятларингизни аҳдга айлантиришингиз, бу жараёндаги шубҳаларни енгиб ўтишингиз шунча осон бўлади.

 


Якшанба

Бахт

Мана, китоб сўнгига ҳам етиб келдик. Бугунги суҳбатимиз барчамиз учун керак, аммо ҳаммага ҳам насиб этмаган неъмат – бахт нима эканлиги ҳақида. Аммо у жуда қисқа бўлади. Мен сизга бутун китоб давомида бахт нималигини англашингизга кўмаклашиб, кўплаб сирларни очдим. Агар “Менинг бахтим нима?” деган саволингиз ҳали ҳам жавобсиз қолган бўлса – майли, унга жавоб топиш учун охирги сирни очаман: китобни қайтадан ўқиб чиқинг.

Сиз билан биз ўзлик сари илк етти қадамни ташладик. Бу узоқ йўлнинг атиги бошланиши, холос. Олдинда сизни янада қизиқарлироқ субатлар, яна ҳам ҳайратланарли сирлар кутмоқда. Ҳар ҳолда, мен ўз бахтимни тўғри топган бўлсам – демак, сиз билан ҳали кўп суҳбатлашамиз. Ҳа-ҳа – менинг бахтим сиз билан дилдан суҳбатлашиш. Ўзга одамнинг қалбига ошно бўлишдан ортиқ бахт йўқ мен учун.

Раҳмат сизга.


Дата добавления: 2015-12-01; просмотров: 223 | Нарушение авторских прав



mybiblioteka.su - 2015-2024 год. (0.011 сек.)