Студопедия
Случайная страница | ТОМ-1 | ТОМ-2 | ТОМ-3
АрхитектураБиологияГеографияДругоеИностранные языки
ИнформатикаИсторияКультураЛитератураМатематика
МедицинаМеханикаОбразованиеОхрана трудаПедагогика
ПолитикаПравоПрограммированиеПсихологияРелигия
СоциологияСпортСтроительствоФизикаФилософия
ФинансыХимияЭкологияЭкономикаЭлектроника

Табиий ва ижтимоий

Қўрқув – энг қадимги туйғу. Энг қадимги аждодларимизни ҳам айнан қўрқув тўдаларга бирлаштирган. Айнан қўрқув ғорлардан бошпана топишга, кейинчалик деворлар билан ўралган шаҳарлар қуришга мажбур қилган.

Қўрқув одамдаги энг кучли туйғу ҳамдир. Бизнинг ҳаётий қувватимизни ҳеч бир ҳиссиёт қўрқувчалик тортиб ололмайди. Биз унинг турли кўринишларини турлича номлаймиз – ҳадик, хавотир, ҳаяжон, безовталик, ғашлик, саросима, ваҳима, талваса – бари қўрқувнинг қиёфалари. У ҳар доим ёқимсиз ва бизнинг ҳаётий қувватимиз кушандаси. Қўрқув ҳатто соғлиққа ҳам зарар етказиши мумкин.

Одамдаги қўрқувлар табиий ёки ижтимоий бўлиши мумкин. Табиий қўрқув асосий табиий эҳтиёждан келиб чиқади – яъни ўлимдан қўрқиш. Бу туйғуга нафақат одамзот, балки борки жонли мавжудотлар мойил. Дарахтлар ҳам болта кўтарган одам ёки атрофга илашиб бораётган алангани кўрсалар – қўрқадилар. Фақат ўсимликларда бу туйғу ҳайвонлардан бошқача ички жараёнларга сабаб бўлади. Иссиққон жонзотларда табиий қўрқув қонга катта миқдорда адреналин чиқарилишига сабаб бўлади ва организмни ҳаракатга ундайди. Адреналинга тўйинган қон юрак уришини тезлаштириб беради. Бундай ҳолатда ҳайвон жуда тез ва дадил ҳаракат қилади. Натижада ўлимдан омон қолиш учун у оддий ҳолатда қилолмайдиган ҳаракатларни қилади. Қўрқувнинг асровчи кучи ана шунда.

Табиий қўрқув дунёни мукаммал қилиш учун кўрилган яна бир чора аслида – чунки табиий қўрқув жонзотларни тирик қолишга ундайди. Тасаввур қилинг, ўлимдан қўрқиш бўлмаса нима бўларди? Унда дунёдаги борки жонзотлар қирилиб кетарди. Ҳаётга интилувчанлик асосида айнан ўлимдан қўрқиш туради.

Одамдаги табиий қўрқувнинг асосий манбаи – номаълумлик, хусусан, номаълум келажак. Биз эртага, бир соат ўтиб, бир сониядан сўнг нима бўлишини билмаймиз – шунинг учун қўрқамиз. Шу қўрқув ҳозирги лаҳзада бизни нимадир қилишга ундайди ва биз ҳаракат қиламиз. Биз ўз қўрқувимиз туфайлигина яшаймиз.

Ижтимоий қўрқув – фақат одамзотга хос. Англаб турганингиздек, у жамият билан бирга шаклланиб борган. Бу қўрқувнинг нотабиийлиги шундаки, одам у билан туғилмайди, балки уни кейинчалик орттириб олади. Ижтимоий туйғу одам табиатига ақл орқали сингдирилади – ақл ташқи ижтимоий таъсирга ўз муносабатларини рўйхатга олиб боради, салбий ҳолатларни кейинчалик четлаб ўтиш учун “бундан қўрқиш керак” деб белгилаб кетади.

Табиий туйғу номаълумликдан келиб чиқса, ижтимоий туйғу – билимдан келиб чиқиши ҳам мумкин. Биз у ёки бу хатти-ҳаракатларимиз қандайдир ижтимоий натижаларга олиб келишини биламиз ва шунинг учун қўрқамиз.

Одамнинг яшаш шароити ва ҳаётда дуч келган вазиятларига қараб унда турли хил ижтимоий қўрқувлар шаклланиши мумкин. Уларнинг энг кучлиси – ёлғизликдан қўрқишдир. Яъни одам аъзо бўлган жамиятдан ажралиб қолиши, мулоқот ва эътибордан маҳрум бўлиши унинг учун қўрқинчли ҳолат.

Ёлғизликдан қўрқиш ўз навбатида бошқа иккиламчи қўрқувларни келтириб чиқаради. Жавобсиз севгидан қўрқиш, ҳурматни йўқотишдан қўрқиш, эътибордан қолишдан қўрқиш, биров ёки бирор нарсани йўқотишдан қўрқиш – хуллас, одамнинг жамият билан олди-бердисини чеклаши мумкин бўлган нарсалардан қўрқиш ёлғизликдан қўрқишнинг асоратлари.

Катта таъсирга эга бўлган бошқа бир қўрқув – танқиддан қўрқиш. Яъни у ёки бу хатти-ҳаракат кимдир ёки кимлардир томонидан маъқулланмаслигидан ва ҳатто жазоланишидан қўрқиш. Бу қўрқув ҳам ўзига хос иккиламчи қўрқувларни келтириб чиқаради – ўз фикрини эркин айтишдан қўрқиш, ўзи истагандек кийинишдан қўрқиш, оммавий нутқ сўзлашдан қўрқиш, хато қилишдан қўрқиш ва ҳоказо.

Ижтимоий қўқувларнинг алоҳида бир тури борки, улар одам психикасидаги ҳасталик даражасида ривожланиб кетган бўлади. Бу психологик нуқсонни олимлар фобия деб аташади. Бугунги кунда амалий психологияга 500 дан ортиқ фобия турлари маълум. Улардан энг кўп учрайдиганлари автофобия (хонада ёлғиз қолишдан қўрқиш), акрофобия (баландликдан қўрқиш), антрофобия (оломондан қўрқиш), ачлуофобия (қоронғуликдан қўрқиш), гамофобия (турмуш қуришдан қўрқиш), гидрофобия (ёки аквафобия – сувдан қўрқиш), гинофобия (аёллардан қўрқиш), ятрофобия (тиббий ходимлардан қўрқиш), клаустрофобия (тор жойга қамалиб қолишдан қўрқиш), хемофобия (қондан қўрқиш) ва бошқалар.

Фобиялар – психологлар ва психотерапевтлар бош оғриғи – биз уларга астойдил тўхталмаймиз. Аммо ҳар қандай ижтимоий қўрқув – агар у вақтида назорат остига олинмаса – фобияга айланиб кетиши мумкин. Бунда оддий қўрқув одамнинг ҳаётини тамоман издан чиқариб юбориши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ижтимоий қўрқувларни бошқара олиш қобилияти кишига катта имкониятлар яратиб беради. Шундай экан, келинг, асосий ижтимоий қўрқувлардан халос бўлишнинг сирлари ҳақида суҳбатлашамиз.


Дата добавления: 2015-12-01; просмотров: 207 | Нарушение авторских прав



mybiblioteka.su - 2015-2024 год. (0.007 сек.)